Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармаси билан ҳамкорликда «Миграция оқибатида ҳимояга муҳтож бўлган болаларни ҳимоя қилиш» мавзусидаги халқаро лойиҳага қўл урди, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Мазкур лойиҳа 36 ойга мўлжалланган бўлиб, мамлакатнинг 4 вилоятини қамраб олиши кутилмоқда. Лойиҳа давомида мигрант оилаларнинг фарзандларини ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама камол топишига кўмаклашиш асосий мақсад этиб белгиланди.

11 июнь куни мазкур масала бўйича эскпертларнинг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Хотин-қизлар қўмитаси, «ЮНИСЕФ» жамғармаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, «Оила» илмий-амалий маркази, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази вакилларидан иборат эксперт гуруҳи иш бошлади.

Бугунги кунда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари (32 миллион аҳолидан) Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея давлатларида меҳнат мигрантлари сифатида рўйхатдан ўтган. Натижада болаларни институтционал муассасаларида (интернатларда) узоқ вақтга ташлаб кетиш ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Ҳозирда меҳнат миграциясининг оила ва болаларга таъсирини ўрганиб чиққан расмий тадқиқотлар мавжуд эмас. Шунингдек, болалар ҳимоясига ва миграциянинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган таклифлар ҳам мавжуд эмас, дейилади хабарда.