12 июнь куни Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов қуроллик кучлар бош штаби бошлиғи, генерал-майор Райимберди Дуйшенбиев бошчилигидаги Қирғизистон ҳарбий делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz"га Мудофаа вазирлигидан хабар берилди.

Учрашув давомида мудофаа йўналишида ўзбек-қирғиз ҳамкорлигининг истиқболлари масаласи муҳокама қилинди, ҳарбий йўналишда алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди. Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам диққат марказида бўлди.

Мазкур учрашувда икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида 2018 йилда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳамкорлик режаси имзоланди. Таъкидлаш ўринли, мазкур ҳамкорлик режаси мудофаа йўналишида икки томон учун ҳам манфаатли ҳамкорликни кўзда тутади.

«Умид қиламизки, ҳарбий соҳада мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий базани яратиш икки томонлама амалий тадбирларни режалаштириш ва ўтказиш имконини беради ҳамда уларнинг фақат икки мамлакатда эмас, балки бутун минтақада хавфсизликни таъминлаш ва жанговар тайёргарлигини ошириш ҳамда хавфсизликка доир бўлган вазифаларни кучайтириш имконини беради», — деди Ўзбекистон Мудофаа вазири.