Сингапурнинг Сентос оролидаги «Капелла» меҳмонхонасида АҚШ ва КХДР раҳбарлари Дональд Транмп ҳамда Ким Чен Ин учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар қилди РИА Новости. Икки давлат раҳбарлари Корея ярим оролини ядросизлантириш ва унда тинчликни кафолатлаш, Америка-Шимолий Корея муносабатларини илиқлатиш масалаларини муҳокама қилиш учун тарихда биринчи марта саммитда жам бўлди.

Учрашув қўл сиқиб кўришиш билан бошланди. Юзма-юз суҳбат 45 дақиқа давом этди, томонлар кенгайтирилган шаклдаги саммитда музокараларни давом эттирди. Шундан сўнг делегациялар тушликка йўл олиб, мулоқотни давом эттирди. Тушликдан кейин эса меҳмонхона атрофида сайрга чиқилди.

Дональд Трамп музокараларнинг дастлабки якунларига изоҳ берар экан, уни «жуда ва жуда яхши» деб атади ва катта муаммолар ва катта мушкул масалаларни ҳал этишга умид билдирди. КХДР раҳбари билан муносабатини «ажойиб» баҳолади.

Ўз навбатида, Ким Чен Ин Трамп билан яқин алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор эканини маълум қилди. У Пхеньян ва Вашингтон ўртадаги муаммоларни енгиб ўтишига умид билдирди.

Журналистларнинг уч марта қайта берилган ядро дастуридан воз кечиш ҳақидаги саволларига Шимолий Корея раҳбари жавоб бермади, дея қайд этади РИА Новости.

АҚШ ва КХДР раҳбарлари имзолаган ҳужжатда икки давлат ўртасида янги муносабатлар ўрнатилгани ҳақида сўз боради.

КХДР ва АҚШ 1950−1953 йилларда Корея 1950−1953 йиллардаги ҳарбий можародан кейин расман уруш ҳолатида эди. Айни пайтда Жанубий Кореяда 28 минг нафардан ортиқ америкалик ҳарбий хизматчилар мавжуд.