Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2018 йил январь-май ойларида 14,7 млрд АҚШ долларини, шу жумладан экспорт 6,5 млрд ва импорт 8,2 млрд долларни ташкил қилди. Ташқи савдо айланмаси салдоси минус 1,7 млрд долларни ташкил этди, дея хабар қилди Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси Ташқи иқтисодий фаолият статистикаси бошқармаси.

Экспорт таркибида энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 64,3 фоизга ўшиши табиий газнинг 1,8 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар эса 2,6 фоизга ўсди, шундан пластмасса ва пластмасса буюмларининг экспорти 18,5 фоизга ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 73,8 фоизга ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг 60,9 фоизга ўсишига олиб келди

Импорт таркибида асосий улуш машина ва асбоб-ускуналар (умумий импорт ҳажмида 33,7 фоиз) ва кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (11,5 фоиз) ҳисобига тўғри келмоқда. Экспорт таркибининг умумий ҳажмидан 29,8 фоизни хизматлар ташкил қилади, бунда транспорт хизматлари 10,4 фоизни ва сафарлар 17,6 фоизни ташкил қилади.

2018 йил январь-май ойларида ташқи савдо айланмаси сальдоси минус 1731,8 млн долларни ташкил қилди, шундан МДҲ давлатлари билан минус 887,6 млн долларни ва бошқа давлатлар билан минус 844,2 млн долларни ташкил этди.

МДҲ давлатлари орасида Россия, Қозоғистон, Беларус, Украина, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 27,5 фоизни ташкил қилди, бошқа давлатлар орасида Хитой, Туркия, Афғонистон, Германия, Латвия, Эрон, Франция давлатлари ҳисобланиб, уларнинг улуши 32,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт хажми 305,4 млн долларни ташкил қилди ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 73,8 фоизга ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмида 40,6 фоизни мева ва резаворлар (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 мартага ўсди), 49,0 фоизни сабзавотлар (58,9 фоизга), 7,5 фоизни узум (0,4 фоизга камайди) ташкил қилади. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида асосий ҳамкор давлатлар Қозоғистон (умумий ҳажмдан 47,4 фоиз), Россия (13,4 фоиз), Афғонистон (7,7 фоиз), Қирғизистон (7,3 фоиз), Хитой (4,7 фоиз), Вьетнам (4,4 фоиз), Туркия (3 фоиз), Покистон (2 фоиз) ва Эрон (1,3 фоиз) ҳисобланади.

2018 йил январь-май ойлари якуни бўйича тўқимачилик маҳсулотлари экспорти умумий экспорт ҳажмида 8,3 фоизни ташкил қилди. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорт хажми 536,5 млн долларни ташкил қилди ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ошди.