Ўзбекистон чегара қўшинлари томонидан май ойида 48 нафар чегара бузувчиси ушланди, ноқонуний олиб ўтилаётган 372 млн сўмлик товарлар олиб қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари вакили «Газета.uz"га хабар қилди.

Қозоғистон билан чегарада 25, Қирғизистон билан — 16, Тожикистон билан — 4 ва Афғонистон билан — уч нафар чегара бузувчиси қўлга олинди. Апрель ва май ойларида Туркманистон билан чегарада қонун бузилиши ҳолатлари қайд этилмади.

Май ойида барча қўлга олинганлар Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегарадан товар олиб ўтаётган бўлган. Улар асосан дори воситалари, тамаки маҳсулотлари, электр лампалар ҳамда йирик шохли қорамоллардир.

Жумладан, 3 май куни Фарғона вилоятидаги Гулпион аҳоли пунктида 197 млн сўмлик дори воситаларини олиб ўтишга уриниш қайд этилди.

9 май куни эса Тошкент вилоятидаги чегарадош Ўратепа аҳоли пунктида чегарачилар 50 млн сўмдан ошиқроқ қийматдаги тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйди.

24 май куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Мамай чегарадош аҳоли пунктида Қирғизистондан олти бош йирик шохли қорамолни ҳайдаб ўтишга йўл қўйилмади.

Чегара бузувчиларига нисбатан Ўзбекистон қонунчилиги доирасида чоралар кўрилиб, қўлга олинган товар-моддий бойликлар давлат фойдасига мусодара қилинди.