Тошкентда шанба куни Муқимий ва Арнасой кўчалари чорраҳасини қайта тиклаш бўйича ишлар бошланди. Чоршанба куни очилган «Спорт буюмлари» дўкони қаршисидаги чорраҳа каби бу чорраҳа ҳам 2016 йилда ёпилган эди.Муқимий-Арнасой чорраҳаси. Фото: «Газета.uz».

Икки йил аввал реконструкция вақтида лойиҳачилар кўчани кенгайтириб, светофорлардан воз кечиш орқали (чорраҳалар қайрилишлар билан алмаштирилди) автотранспорт ҳаракатини енгиллаштиришни мақсад қилиб қўйди. Тажриба муваффақиятсиз чиқди.

Шота Руставели кўчасидаги қайрилишнинг кўчирилиши. Фото: Тошкент ИИББ.

Шота Руставели кўчасидаги (собиқ Тўқимачилик айланмаси) участка ҳам ҳаракат ўзгартирилган иккинчи участка бўлди. Мазкур участкада хавф юқори бўлгани сабабли қайрилишни светофор яқинига («Фрегат» кафеси) кўчиришга қарор қилинди. Эски қайрилиш ўрни ёпилади.

Қайрилиш ташкил этиш режалаштирилаётган Фурқат кўчаси. Фото: «Газета.uz».

Тошкент ҳокимияти маълумотларига кўра, Фурқат кўчасининг Алишер Навоий шоҳ кўчасига туташ қисмига ҳам қайрилиш ташкил этиш режалаштирилмоқда (харита).

Пойтахт маъмуриятидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, Тошкент кўчаларида ҳаракатни қайта ташкил этиш ишлари давом эттирилади. Бизнинг фикримизча, ўзгаришлар кутилган натижаларни бериши учун ҳокимият ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати келишган ҳолда ҳаракат қилиши лозим. Баъзида бундай келишувлар етарлича олиб борилмаётгандек таассурот уйғотади.

Собиқ Оқтепа майдони. «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳаси.

«Газета.uz» собиқ Оқтепа майдонида ҳам қандайдир ўзгаришлар бўладими, деган саволга жавоб ололмади. Бу ердаги чорраҳани (харита) тошкентликлар шаҳардаги энг ноқулай чорраҳа деб айтишга ҳақли.