Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Циндаода (Хитой) Россия президенти Владимир Путин билан учрашди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Кузда (тахминан октябрда) Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Тошкентда биринчи Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро форум ўтказилиши режалаштирилмоқда. Президентлар мазкур тадбирларни муҳокама қилди. Бундан ташқари, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашилди.

Сўнгги бир йилда икки давлат ўртасида 70 та делегация ташрифи амалга оширилди, 21 марта ҳудудлараро учрашувлар ўтказилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан зиёд ўсган. «Ҳали олдинда яна йирик лойиҳаларимиз кўп», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ўтган йили Россияга ташрифингиздан кейин ҳаммаси ижобий томонга ўзгарди. Сизнинг ташаббусингиз билан чегаралардан ўтишда „яшил йўлак“ ташкил этилгани натижасида Ўзбекистон мева-сабзавотларини етказиб бериш қарийб 36 фоиз ошди. Россиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда», — деди Владимир Путин.