Ўзбекистон gрезиденти Шавкат Мирзиёев Циндаода Афғонистон gрезиденти Муҳаммад Ашраф Ғани билан музокара ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи қардош ва қўшни Афғонистонда тинчлик барқарор бўлишидан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Жорий йил Тошкентда ўтган конференциядан кейин бутун дунёда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича катта ҳаракатлар бошлангани мамнуният бағишлайди. Барча тушуняптики, бунинг яккаю ягона йўли мулоқот. Ушбу учрашувимиз шу борада фикр алмашиш, мамлакатларимиз учун муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун айни муддаодир», — деди давлат раҳбари.

Ашраф Ғани икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот кейинги пайтларда жадал фаоллашганини қайд этди.

«Ўзбекистонга ташрифим доирасида эришилган келишувлар тез суръатларда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Афғонистон масаласи бўйича йирик анжуман ўтказганингиз учун халқимиз ва ҳукуматимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Бу масалага шахсан эътиборингиз сиёсий ечимларга йўл очди», — деди Афғонистон Президенти.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.