Бу йил Ўзбекистонда биринчи марта 30 июнь — Ёшлар куни нишонланади. 2017 йил 30 июнь куни «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу санани мамлакатда Ёшлар куни сифатида нишонлаш ташаббусини илгари сурган эди. 26 августда эса «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди.

Мана, орадан қарийб бир йил ўтди. Мазкур сана тобора яқинлашмоқда. Энди Ўзбекистонда Ёшлар куни қандай нишонланади, қандай нишонланиши керак, каби саволлар туғилиши табиий. Катта эҳтимол билан мазкур байрамнинг асосий ташкилотчиси — Ёшлар иттифоқи ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар билан бу куни кўплаб тадбирлар, концертлар, спорт мусобақалари, танловлар, учрашувларни ўтказади. Шу билан бирга, куннинг асосий тадбирларидан бири — Ўзбекистон президенти иштирокидаги Ёшлар иттифоқи қурултойи ўтказилиб, йил сарҳисоби қилинади, келгусидаги режа ва дастурлар қабул қилинади.

Мазкур сана муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар тўғрисида аниқ маълумотларга эга эмасман. Шундай бўлса ҳам, баъзи таклиф ва мулоҳазаларимни билдирсам, ўйлайманки, Ёшлар куни янада қизиқарли, янада ёдда қоларли даражада ўтади.

Аввало Ёшлар куни мамлакатдаги барча ёшлар учун чинакам байрамга айланиши лозим. Фақат талабалар, ўқувчилар, Ёшлар иттифоқи фаоллари, «танланганлар» ва «хослар», пойтахт ва катта шаҳар ёшлари байрамни нишонлаб, қолганлар уни телевизордан томоша қилиши адолатдан эмас. Бу кун мамлакатдаги ҳар бир ёшнинг чинакам байрами бўлиши, ҳатто чет эллардаги ўзбек ёшлари ҳам ушбу санани ўзига хос байрам сифатида нишонлашларига эришиш керак. Байрам кайфияти касалхоналар, ҳарбий қисмлар, завод-фабрикалар, давлат ташкилотлари, ҳатто жазони ижро этиш муассасаларига қадар кириб бориши керак.

Албатта, бу жуда катта, ҳаттоки бажариш имконсиздек туюлган талаб бўлиши мумкин. Аммо Ёшлар кунини нишонлашни истаган ҳар бир ёшга имконият, танлаш ҳуқуқи берилиши керак. Ҳеч бўлмаса онлайн танловлар, акциялар, флешмоблар, телевизион шоулар, радио орқали табрик ва мулоқотлар уюштириш йўли билан уларни байрам тадбирларига жалб қилиш, фаол ёшларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мумкин.

Ёшлар куни муносабати билан шаҳар ва қишлоқларда хайрия тадбирларини ўтказиш мумкин. Масалан, туман марказларида мактаб ва коллеж ўқувчилари томонидан хайрия ярмаркалари ва фестивалларини ташкил қилиб, барча тушган маблағлар болалар уйлари, касалхоналар, моддий аҳволи оғир оила фарзандлари учун йўналтирилиши мумкин. Бунда аввалроқдан тадбир мазмун ва моҳиятини тарғиб қилиш, реклама ва эълон бериш, бир сўз билан айтганда, хайрия ярмаркаси пиарини тўғри ташкил этиш керак. Ва албатта, хайрия тадбири давомида концерт дастурлари, шоулар, дискотекалар уюштирилса, нотиқ, ораторларнинг яхшиликка ундовчи нутқлари янграб турса, мақсадга мувофиқ.

Ёшлар куни муносабати билан ногиронлиги бўлган ёшларга совғалар, зарур жиҳозлар совға қилинса, маҳалладошлар, синфдош ёки курсдошлар бемор, касалхонадаги тенгдошларини йўқласа, мақсадга мувофиқ. Имкон қадар ногиронлиги бўлганлар ҳам асосий тадбирларга таклиф қилиниши, соғлом тенгдошлари қатори уларда иштирок этиши, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириши керак. Зеро ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамият ҳаётига аралашувини учун ҳаракатларни кучайтириш вақти келди. Байрам тадбирлари, акция ва фестиваллар эса бу жараёнга киришишда муҳим роль ўйнайди, назаримда.

Ёшлар куни — фақат ўйин-кулгу, шоду хуррамлик эмас. Бу кун учун муайян мавзу танланиши, ҳукумат аъзолари, расмийлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, мутахассислар ва албатта ёшлар вакиллари иштирокида ёшларга оид муаммолар юзасидан фикр-алмашиш, ечим ва таклифлар ишлаб чиқилиши зарур. Масалан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, бўш иш ўринларини яратиш ва уларни қандай қилиб топиш бўйича ёшлар хабардорлигини ошириш, ёшларни чекиш ва ичкиликбозликдан ҳимоя қилиш, ёшлар ишбилармонлиги каби долзарб масалалар юқори даражада муҳокама қилиниши лозим. Бу муҳокамалар кейинчалик ҳуқуқий ҳужжат, дастур, лойиҳа ёки йўл харитаси кўринишида ҳаётга татбиқ этилиши мумкин.

Ёшлар куни муносабати билан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, ахборот маданиятини юксалтириш, ҳуқуқлари, имкониятларидан хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот-тарқатма материаллар тайёрланиши ва шаҳар-қишлоқларда тарқатилиши мумкин. Дейлик, уларда коллеж битирувчисининг ҳуқуқ ва имтиёзлари, қонуний манфаатлари бузилган тақдирда кимга ва қандай тартибда мурожаат қилиши мумкинлиги, тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишдаги имтиёзлар ва бошқа зарур ахборотлар, ёшлар учун фойдали ахборот манбалари ҳақидаги маълумотлар киритилиши мумкин.

Байрам муносабати билан ёшлар ташаббуслари, ғоя ва таклифларини қабул қилиш, уларга жавоб бериш ва реакция билдиришнинг жонли ҳамда самарали шаклларини ишлаб чиқиш мумкин. Ҳар ким вазиятни ўзгартириш ҳуқуқига эга. Масалан, жойларда ўз ташаббусингни президент, Ёшлар иттифоқи раҳбари, вазир ёки бирор таниқли ишбилармонга етказ, деган шиор остида раҳбарларнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаш учун шароитлар яратилса, уларга маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилса. Чунки ҳамма ёшлар ҳам аввало бундай имкониятлар мавжудлигини, сўнгра улардан фойдаланишни билаверишмайди, айримлари эса истиҳола қилади ёки журъати етмайди. Унинг қалбида ҳеч бўлмаса ўз маҳалласи, ўз оиласи фаровонлиги учун хизмат қилувчи ғоя, таклиф ёки ташаббус бўлиши мумкин.

Байрам ҳақиқий байрамдек бўлиши учун барча тадбирлар якунига етганидан сўнг тунги вақтда албатта мушакбозлик қилиниши керак. Ҳеч бўлмаса пойтахт ва барча ҳудудлар марказида мушак отилиши кутилгандан ҳам кўпроқ ёшлар эътиборини жалб қилиши мумкин.