8 июнь куни Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш борасида Адлия вазирлиги ҳамда АҚШнинг USAID халқаро ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжатга USAID вакили Хавьер Пьедра ва адлия вазири Русланбек Давлетов имзо чекди.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, меморандум мақсади 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш» йўналишини амалга оширишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Меморандумга кўра, 3 йил давомида 12 млн АҚШ долларигача бўлган маблағлар янги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик кадрлар касбий маҳоратини ошириш, шунингдек Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ривожланишига қулай ҳуқуқий замин яратишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш мўлжалланган.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан шу каби халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб этган ҳолда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Европа Иттифоқи, БМТнинг ривожлантириш дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳаси (ГИЦ), Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ), Ўзбекистонда ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Туркия ҳамкорлик ва ривожлантириш агентлиги, шунингдек Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси каби бир қатор халқаро ташкилотлар билан келишувларга эришилди.

Келишувлар доирасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, юридик кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш, ҳуқуқий хизмат кўрсатишни, хусусан, адвокатурани ривожлантириш, нотариат ва ФҲДЁ органлари тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек норма ижодкорлиги жараёнига хорижий экспертларни жалб этишга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.