Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида қатор давлатлар раҳбарлари билан учрашади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Комил Алламжонов Циндаода бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Циндаога 8 июнь куни кечга яқин етиб келади. Давлат раҳбари 9 июнь куни ХХР раиси Си Цзиньпин, Россия президенти Владимир Путин ҳамда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари 10 июнь кунига белгиланган. Бу йилги саммитнинг ўзига хос томони шундаки, у илк бор «саккизлик» форматида бўлиб ўтади.

Аввал хабар берганимиздек, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот фаолиятини такомиллаштириш, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва бошқа масалаларни муҳокама қилади.

Циндаода ташкилотга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари аввал тор доирада, кейин кузатувчи мақомидаги давлатлар етакчилари билан биргаликда кенг доирада музокаралар ўтказади. Ушбу учрашувларда сиёсат, хавфсизлик, савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Музокаралар якунида қатор кўп томонлама ҳужжатлар имзоланади.
Жумладан, Циндао декларацияси қабул қилиниши, Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2019−2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018−2022 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси, Ёшларга мурожаат ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

2018−2019 йилларда ташкилотга раислик қиладиган давлат тўғрисида қарор қабул қилиш, кейинги уч йиллик даврга ШҲТ бош котиби ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимларига номзодларни тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Покистон президенти Мамнун Ҳусайн ҳамда БМТ раҳбарияти билан учрашув ўтказиши ҳам режалаштирилган.