Қорақалпоғистон давлат университети кимё-технология факультети декани Рашид Курбаниязов ҳамда кимё-технология кафедраси мудири Махсет Айимбетов талабаларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилгани учун вазифасидан озод қилинди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, раҳбарлар 2 июнь куни Xabar.uz сайтида мақола чоп этилганидан сўнг ишдан бўшатилган.

Хабарда қайд этилишича, ҚДУнинг кимё-технология факультетининг бешта гуруҳида таҳсил олувчи 80 нафар талаба дарс машғулотларидан зод қилиниб, Нукус туманидаги Махсет Айимбетовга тегишли «Шортанбай танги» фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган.

Талабалардан бири мутасадди органга (қайси экани кўрсатилмаган) мурожаат қилади, тегишли орган ходими университетга келиб, хабарнинг рост эканини тасдиқлайди. Деканат аудиториянинг бўшлигини дарслар тушдан кейинга қолдирилгани билан изоҳлайди, дарс жадвалида эса машғулотлар тонги вақтга қўйилган. Текширув ҳақида хабардор бўлган Айимбетов талабаларни 12:00 да қайтаради, дейилади мақолада.