Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8−10-июнь кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Синдао шаҳрида ўтадиган ўн саккизинчи мажлисида иштирок этади, дея хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари илк бор Ҳиндистон ва Покистоннинг тўла ҳуқуқли аъзо сифатидаги иштирокида йиғиладилар, ташкилот фаолиятини янада такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишлари, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ҳамда кўп томонлама кооперациянинг бошқа жиҳатларини муҳокама қиладилар.

Давлат раҳбарларининг мажлиси якунида Синдао декларацияси қабул қилиниши, Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2019−2021-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018−2022-йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси, Ёшларга қўшма мурожаат ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Фикр алмашувлардан сўнг 2018−2019-йилларда ташкилотга раислик қиладиган давлат тўғрисида қарор қабул қилиш, кейинги уч йиллик даврга ШҲТ бош котиби ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимларига номзодларни тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.

Давлат раҳбари ШҲТ саммити доирасида икки томонлама қатор учрашув ва музокаралар ўтказади.