Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни маҳаллий бюджетга тушумларни кўпайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Йиғилишда январь-май ойларида инфляция даражаси 6,6 фоизни ташкил этиб, прогноз кўрсаткичидан ошмаган бўлса-да, нарх-наво Тошкент шаҳрида 7,4 фоизга, Андижонда 7,3 фоизга, Қорақалпоғистонда 7,1 фоизга ўсгани ва бунга сабаб бўлган омиллар, бошқарув соҳасидаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Гўшт нархи бозорларда қимматлашиб бораётганининг сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Бунинг асосий сабабларидан бири — омухта ем, шрот ва шелуха етарли эмаслиги ва бу чорва озуқаларининг белгиланган нархларга нисбатан анча қиммат сотилаётгани билан боғлиқ.

Бозорларда савдо маданиятига риоя қилмаслик, бу борадаги талаб ва мезонларни бузиш ҳолатлари кўзга ташланаётгани таъкидланди. Бу эса нарх-наво сунъий равишда ошиб кетаётганининг яна бир жиддий сабабидир. Бозорларнинг раҳбар ва мутасаддилари бу ҳолатнинг олдини олмасдан, аксинча, ўзлари таъмагирлик ҳолатларига йўл қўймоқда.

Мажлисда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Маълумки, ички бозорда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ўтган йили махсус жамғарма ташкил қилинган эди. Ана шу жамғарма фаолияти яхши йўлга қўйилмагани туфайли шу кунга қадар 155 миллион долларлик шакар, ўсимлик ёғи, картошка ва товуқ гўшти четдан импорт қилинган. Нарх-навони барқарорлаштириш бўйича жамғарманинг ўрни ва таъсири мутлақо сезилмаяпти. Жамғарма айрим тадбиркорлар манфаатига хизмат қиладиган кредит ташкилотига айланиб қолганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ана шу танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда, мажлисда мазкур жамғарма фаолиятини жиддий текшириш бўйича Бош прокуратурага тегишли топшириқлар берилди.

Йиғилишда давлат раҳбари одамларнинг обод ва фаровон ҳаёт кечириши учун ўта муҳим бўлган қурилиш материаллари нархи йилдан-йилга ошиб бораётганини ҳам афсус билан қайд этди. Бу эса инфляция даражасига салбий таъсир кўрсатаётгани, йил бошига нисбатан қурилиш материаллари нархи мамлакатимиз бўйича 16 фоиз, жумладан, Тошкент вилоятида 23 фоиз, Сурхондарёда 20 фоиз ва Хоразмда 19 фоиз ошганига тегишли мутасадди ва раҳбарлар эътибори қаратилди.

«Бу йил сув камлигини ҳисобга олиб, такрорий экин майдонини 238 минг гектарга қисқартирганимиз маҳсулот етиштириш ҳажми камайишига ва бунинг натижасида нарх-навонинг ошишига сабаб бўлмаслиги зарур. Шунинг учун қолган 680 минг гектар ерга такрорий экинларни тўлиқ экиш ва ҳосилдорликни ошириш ҳисобидан ички бозор учун ҳам, экспорт учун ҳам етарли миқдорда ҳосил олишни таъминлашимиз керак. Сувдан тартиб билан, оқилона фойдалансак, барча экинларга сув етади», — деди президент.

Мажлисда раҳбар ва мутасаддиларга 2018−2021 йилларда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, ушбу тармоқда рационал озуқа базасини шакллантириш дастурларини ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳудуд бўйича асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни аниқлаб, махсус жамғарма ҳисобидан уларни импорт қилиш учун тегишли ташкилий ишларни амалга ошириш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш ҳақида амалий кўрсатмалар билдирилди.