Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни маҳаллий бюджетга тушумларни кўпайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Президентнинг ҳудудларга ташрифлари давомида жойлардаги мавжуд резерв ва имкониятларни ишга солиш ҳисобидан дастлаб бюджетга қўшимча равишда 5,3 триллион сўм ёки прогнозга нисбатан 12 фоиз кўп солиқ тушириш бўйича чоралар белгилаб берилган эди. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган 5 ойида прогнозга нисбатан 2,7 триллион сўм ёки 16 фоиз кўп тушум туширишга эришилди.

Бироқ маҳаллий ҳокимликлар, молия-солиқ органлари томонидан бюджетга қўшимча солиқ тушириш борасидаги резервлар ҳали ҳам тўлиқ ишга солинмаяпти. Январь-май ойларида солиқларнинг 60 фоизини илгаригидек 171 та йирик корхона таъминлаб берган холос.

Йиғилишда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида бу борадаги ишлар мутлақо талабга жавоб бермаслиги қаттиқ танқид қилинди.

Мисол учун, бозордаги савдо-сотиқлар орқали тушадиган маблағларни таҳлил қиладиган бўлсак, афсуски, бу борадаги кўрсаткич Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 30 фоизга, Сергелида 7 фоизга, Яккасаройда 4 фоизга, Юнусободда 3 фоизга камайиб кетган. Бошқа туманларда ҳам аҳвол ана шундай ачинарли экани мажлисда алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Автотураргоҳларда тушум бўйича етарли назорат йўқлиги кузатилмоқда. Бунинг оқибатида маҳаллий бюджетларга 18 миллиард сўм тушмасдан қолган.

Ўрганиш ва ҳисоб-китоблар ҳалигача ишга солинмаётган бундай резервлар барча ҳудудларда мавжудлиги, умуман, жорий йилда прогнозга қўшимча равишда 8,1 триллион сўм солиқ тушириб, бюджетга жами солиқ тушумини 50,2 триллион сўмга етказиш имкони борлигини кўрсатмоқда.

Мажлисда мутасадди вазирлик ва идораларга бу соҳада йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни тезда бартараф этиш, икки ҳафта муддатда қўшимча равишда 8,1 триллион сўм солиқ тушириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилиб, ҳар бир ҳудуд ва туман бўйича кунлик график ва аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди. Шунингдек, қисқа муддатда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда «Бюджетга қўшимча даромадларни жалб қилиш штаби"ни ташкил этиш ва унинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда солиқ бўйича қарздорликни мажбурий ундириш, давлат фойдасига ўтказилган мол-мулкларни сотиш ҳисобидан бюджетга 772 миллиард сўм тушириш ва бу борадаги назоратни кучайтиришга қаратилган тизимли ишларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.