Май ойида Сергели тумани ҳокими лавозимига тайинланган Нозим Ҳусанов ҳозирда фаолият кўрсатиб турган автомобиль бозорининг Тошкент четига кўчирилишини истамаслигини маълум қилди. Бу ҳақда чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўхталиб ўтди.

Аввал пойтахтдаги барча улгуржи бозорларни шаҳар ташқарисига кўчириш концепцияси ишлаб чиқилган эди. «Сергели» автомобиль бозорини Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманига кўчириш режалаштирилган эди, бироқ ушбу вариант яна кўриб чиқилади, деди ҳоким.

«Бозор жуда катта майдонни — 24 гектарни эгаллайди. Бунинг учун худди шундай майдонни топиш, уни қуриш, кейин тадбиркорларимизни кўчиришимиз керак», — деди у.

Нозим Ҳусанов автомобиль бозорини Сергели тумани ҳудудида қолдириш истагида эканини билдирди, бироқ уни бошқа жойга кўчириш лозим. «У транспорт оқимига халал бермаслиги учун. Кичик ҳалқа йўли ёқаси бўйлаб Тошкент вилояти билан чегарадош шундай ҳудуд бор», — деди у.

Ҳоким сўзларига кўра, автомобиль бозори туман бюджетига йилига 11 млрд сўм келтиради. «Биз бундай тушумдан воз кечишни истамас эдик. Ҳозир ушбу бозорни туманимизда қолдириш таклифларини ўрганаяпмиз, лекин у аҳолига ҳам халал бермаслиги керак», — деди у.

Сергели тумани ҳудуди 5600 гектарни ташкил этиб, ундаги 39 та маҳаллада 207,1 минг аҳоли истиқомат қилади.