Ўзбекистон ҳукумати 3000 тоннадан зиёд буғдойни афғон халқига гуманитар ёрдам сифатида жўнатди, дея хабар қилди «Дунё» ахборот агентлиги.

Гуманитар ёрдам 5 июнь куни Хайратонда афғон расмийларига топширилди. Қўшни мамлакатга Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация учиб борди.

Миллионлаб афғонлар олти ойдан сўнг қурғоқчилик сабабли очлик билан тўқнаш келиши мумкин, дейилади БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштириш бошқармасининг май ойи охирида эълон қилинган бюллетенда. Оч қолаётган оилаларга энг камида 115 млн долларлик маблағ ажратиш зарур.

Афғонистоннинг 34 провинциясидан учдан икки қисми ўтган йил охиридан буён қор ёки ёмғир ёғмагани сабабли қурғоқчиликдан азият чекмоқда. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, айрим дарё ва сув таъминоти объектлари тўлиқ қуриб қолган, сўнгги буғдой ҳосили бой берилди.