Хива туманидаги «Ичан қалъа» ёдгорлик мажмуасида жойлашган «Амир тўра» мадрасаси ва «Ҳасан Мурод Қушбеги» масжидида Хитой ҳукуматининг 47,6 млн юанлик (26,4 млрд. сўм) маблағлари ҳисобига реставрация-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилишича, 3 июнь куни Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва Хитой Халқ Республикаси Маданий мерос Академияси бош муҳандиси Ши Ян учрашувида ушбу тарихий маданий мерос объектларини қайта таъмирлаш учун ажратилган грант ҳисоботи ҳақида сўз борди.

Хитой томони Маданият вазирига 2017 йилда Хивадаги «Амир тўра» мадрасаси ва «Ҳасан Мурод Қушбеги» масжидида реставрация ишларининг биринчи босқичи ва 2018 йил апрель-май ойларида бошланган режа асосида иккинчи босқичда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Вазирлик хабарида қайд этилишича, мазкур грант 2016 йили Маданият вазирлиги ва ХХР Савдо вазирлиги ўртасида имзоланган «Хоразм вилояти тарихий-маданий объектларини реставрация қилиш» бўйича грант ажратиш тўғрисидаги битим доирасида ажратилган.