Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 июндаги қарори билан 2018−2019 йилларда мамлакат ОТМларига қабул квоталари тасдиқланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури хабар қилди.

Умумий қабул квотаси қарийб 8500 нафарга ошиб, 78701 дан (грант бўйича — 19725, тўлов-контракт — 58976) 87165 тага (19240, 67925) етди.

Бакалавриат кундузги бўлимларига 1714 нафар талаба кўпроқ қабул қилиниб, жами 69460 нафарга етади (ўтган йили — 67746). Уларнинг 17669 нафари грант, 51791 нафари шартнома асосида қабул қилинади.

Магистратурага қабул квотаси қарийб 1000 нафарга ошиб, 5940 (5000) нафарга етади. Уларнинг 1556 нафари (ўзгаришсиз) грант бўйича таҳсил олса, 4384 нафари (3444) шартнома асосида ўқийди.

Бакалавриатнинг махсус сиртқи бўлимларига қабул сони қарийб икки баробарга ошиб, 11765 нафарга етказилди (ўтган йили — 5955). Уларнинг 15 нафари (ўзгаришсиз) грант асосида таҳсил олса, 11750 нафари (5940) шартнома бўйича таълим олади.

Қарор билан бакалавриатда 16 та (бизнес-информатика, ёруғлик техникаси, биотиббий физика ва бошқалар), магистратурада эса 18 та (рақамли иқтисодиёт, ярим ўтказгич материаллар нанотехнологияси, суғурта аудити ва бошқалар) янги йўналиш ва мутахассисликлар жорий этилмоқда.

«Мактабгача таълим» таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш (бакалавриат) тўрт йил эмас, балки уч амалга оширилади. Хориж тажрибаси ва кадрларга бўлган талабни қондириш мақсадида ушбу қарор қабул қилинди. Ўқув режалари ва дастурларига янгича малака талаблари тайёрланмоқда. Асосий урғу билимларни мустақил эгаллашга қаратилади.

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида «Тиббий-профилактика иши» йўналиши бўйича талабаларни қабул қилиш қайта йўлга қўйилади. Янги ўқув йилида 100 нафар талаба, жумладан 10 талаба грант асосида қабул қилинади.

Сиртқи ва кечки бўлимларга қабул квоталари бир ой ичида тайёрланиши лозим. Улар бакалавриатга умумий қабулнинг 30 фоизигачасини ташкил этади.

Қарорда ОТМлар ва потенциал иш берувчилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни такомиллаштириш кўзда тутилган. Эндиликда ОЎМТВ кадрлар буюртмачилари билан ҳар йили ўқув йили бошлангунга қадар ОТМларнинг ўқув режалари ва дастурларини кўриб чиқади. Битирувчилар кўникма ва малакаларидаги камчиликлар ҳар чоракда камида бир марта иш берувчилар билан биргаликда муҳокама қилинади.