Пойтахтдаги «Бунёдкор» стадиони номи Milliy этиб ўзгартирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси «Газета.uz"га хабар қилди.

Айни пайтда «Бунёдкор» стадионини барча бино ва иншоотлари билан Футбол ассоциациясига ўтказишнинг ҳуқуқий масалалари кўриб чиқилмоқда. «Бунёдкор» футбол бўйича миллий терма жамоанинг ўқув-машғулот жараёнини ташкил этиш ҳамда спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун асосий база бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, стадионни ЎФАнинг асосий базаси қилиб белгилаш 2018−2022 йилларда Ўзбекистонда футболни ривожлантириш дастурида кўзда тутилган эди.

Профессионал футбол лигасининг маълум қилишича, «Бунёдкор» Англия миллий термаси уй учрашувларини ўтказувчи «Уэмбли» стадионининг муқобили бўлади.

Стадионга аллақачон янги Milliy ёзуви туширилган пешлавҳа илиб қўйилган (ЎФАнинг аниқлик киритишича, синов тариқасида). Тез орада стадионнинг тўрт томонига ўрнатиб қўйиладиган янги вивескаларни ишлаб чиқиш бошланади.

«Бунёдкор» клуби 2019 йил охирига қадар ўз учрашувларини мазкур стадионда ўтказади. Шундан сўнг, ҳозирда «Пахтакор» ижарага олган «Жар» стадионига бўлган ижара ҳуқуқи ёки унинг ўзи клубга тақдим этилади.

«Бунёдкор» стадиони 34 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, 2012 йил сентябрида очилган.