«Ифтихор» футбол клуби директори Ахрор Эргашев ва катта мураббийи Нодир Қўзибоев бир умрга ҳар қандай футбол фаолиятидан четлатилди, деях хабар қилди Ўзбекистон Футбол ассоциацияси матбуот хизмати.

Матбуот хизматидан «Газета.uz"га маълум қилинишича, клуб Суперлигага чиқиш учун номзод, бироқ май ойида жамоа бир марта мағлубиятга учраб, дуранг ўйнади. Клуб раҳбарияти ҳимоячилар Турсунбой Ҳусанов ва Ҳасанбой Эргашевни атайлаб ютқазганликда айблаб, ўзбошимчалик билан ҳукм чиқарган ҳолда уларни калтаклаган.

Мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергов тадбирларини олиб бормоқда. Футболчилар жароҳатини қайд этган шифокорлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган.

«Ўйинчилардан бирининг танасида гематомалар, оёғида ёрилиш аломатлари аниқланди. Футболчининг сўзларига кўра, уни кетмон дастаси билан уришган. Ҳозирда ҳар икки оёғи гипсда», — дея маълум қилди матбуот хизмати.

«Ифтихор» айни пайтда 8 балл билан Про-лига «Б» гуруҳида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди ва Суперлигага чиқиш учун имкониятлари бор. Клуб қисман Ёшлар иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Ташкилот агарда раҳбарият футболчиларнинг калтакланишида айбдор деб топилса, ҳомийликдан воз кечади, дея хабар қилди ассоциация вакили.