1 июнь куни Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги «Шаханд» агроиқтисодий коллежи ўқувчилари ўртасидаги жанжал натижасида улардан бири ҳаётдан кўз юмди.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, иккинчи курс ўқувчиси О. Т. учинчи босқичда таҳсил олган А. А.га тан жароҳатларини етказган. Ҳодиса «Бозорбоши» маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Учинчи босқич ўқувчиси хушсиз ҳолда шифохонага етказилган ва ўша ерда вафот этган. Тан жароҳатларини етказган йигит қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Бекобод туманида ҳам ўсмирлар ўртасидаги можаро ўлим билан тугаган эди. Ўтган йилнинг октябрида эса Тошкентда жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди курсдошини калтаклаб, ўлимига сабабчи бўлган тиббиёт коллежи ўқувчисини олти йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум этди.