7−8 июнь кунлари Тошкентда «Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар» мавзусида халқароконференция бўлиб ўтади.

Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизматининг «Газета.uz"га маълум қилишича, конференцияни ўтказишдан кўзда тутилган мақсад Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОКХЖ) фаолияти доирасида минтақа давлатларининг Оролбўйи муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий ҳаракатларини келишиш, Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қилиш ва белгилаб олиш, шунингдек, уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

Конференцияда Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари депутатлари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, хорижий мутахассислар, 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг етакчи мутахасслари, БМТ, ОҚХЖ, МОМЭМ, Жаҳон банки экспертлари, хорижий компаниялар, халқаро ташкилотлар, етакчи молия институтлари вакиллари иштирок этади.

Конференция иштирокчилари Оролбўйига, жумладан, Нукус, Муйноқдаги «Кемалар қабристони"га ва бошқа объектларга ташриф буюриб, ҳудуддаги экологик вазият билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлaдилар. Маҳаллий аҳоли ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилади.

Анжуман Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар Академияси томонидан ташкил этилмоқда.