Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни 1941−1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармойишни имзолади.

«Афсуски, Ўзбекистон халқининг бу қонли уруш даврида фронтда ва фронт ортида кечган оғир ва машаққатли ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ўзида ҳар томонлама акс эттирадиган яхлит илмий-тарихий китоб ёки ҳужжатлар тўплами шу пайтга қадар яратилмаган», — дейилади фармойишда.

«Уруш йилларида халқимиз томонидан амалга оширилган буюк ишларни, унинг кучли ирода ва қаҳрамонлигини, ўша давр ҳақиқатини келгуси авлодларга аниқ мисоллар асосида етказиш, уларни ватанпарварлик ва жасорат руҳида тарбиялаш борасида бундай манбалар ғоят муҳим аҳамиятга эга», — дейилади ҳужжатда.

1941−1945 йиллардаги урушда кўп миллатли Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди.

Ўша ғоят оғир ва суронли даврда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди, бу ердаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилиб, уларнинг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни тиклашда фуқароларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан мамлакатга 1 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди.

Урушда фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган ҳиссасига бағишланган альбом ушбу тарихий ҳодисанинг 2020 йилда нишонланадиган 75 йиллиги арфасида чоп этилади.

Фармойиш билан китоб-альюомни тайёрлаш ва чоп этиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди. У республика ва хорижий мамлакатлардаги архив ва музейларда сақланаётган мавзуга оид тарихий ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, уруш даврида фронтда қатнашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошлардан уларнинг хотираларини ёзиб олиш, шахсий альбом ва кутубхоналарида сақланаётган тарихий материалларни тўплаш билан шуғулланади.