Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 майдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ижроия тузилмасига киритилган ўзгартишларни тасдиқлади, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси. Ҳужжатга кўра туризм бош вазирнинг бир ўринбосаридан бошқа ўринбосари масъулияти соҳасига киритилди.

Яқинда бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг собиқ раиси Азиз Абдуҳакимов Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари бўйича комплексга раҳбарлик қилади.

Аввал туризм соҳасини бош вазир ўринбосари, бир вақтнинг ўзида Давлат инвестициялар қўмитаси раҳбари ҳисобланган Сухроб Холмуродов назорат қилган. У раҳбарлик қилаётган Инвестициялар, инновацион ривожланиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплексидан «туризм» сўзи чиқарилди.

Давлат раҳбари қарорида қайд этилишича, мазкур қарор туризмни мамлакат иқтисодиётининг стратегик соҳаси сифатида ривожлантириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинди.