Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш тўғрисидаги қарорни имзолади. У истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашишга қаратилган.

Ҳужжат билан Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва «Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг 3 йилда бир марта истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича «Тараққиёт» республика танловини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши мумкин.

Давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг танловда иштирок этиш даврида уларнинг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади. Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса — энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Бунда танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.

Танлов ғолиблари Академия ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий юқори малакали мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури"га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийди.

Қарорда танлов ғолибларини тегишли раҳбарлик лавозимларига тайинлаш юзасидан чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, бошқарув кадрлари захирасига киритилган финал босқичи иштирокчиларининг фаолиятини кейинчалик уларни хизмат бўйича кўтариш ёки раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун мониторинг қилиш ишлари Президент девонининг умумий мувофиқлаштируви остида амалга оширилиши белгиланди.