Июлдан бошлаб GM Uzbekistan ишлаб чиқариш қувватларида Matiz русумли автомобилларни ишлаб чиқариш тўхтатилади. Мазкур қарор моделлар сафини янгилаш бўйича стратегияга мувофиқ, шунингдек моделнинг маънан ва техник жиҳатдан эскиргани муносабати билан қабул қилинди.

Компания матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, шу муносабат билан мазкур русумдаги автомобилларни етказиб бериш бўйича шартномаларни рўйхатга олиш тўхтатилган.

GM Uzbekistan истеъмолчилар олдидаги ўз мажбуриятларини тўлиқ таъминлайди ва шартнома тузган мижозларга Matiz автомобиллари шартномада кўрсатилган ҳажм ва муддатларда етказиб берилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Matiz тўртинчи модел бўлиб, Асака автомобиль заводида 2001 йил августдан буён ишлаб чиқарилмоқда. 2004 йил декабрида 1,0 литр ҳажмли двигателга эга Matiz Best ҳамда автомат тезлик узатмали Matiz модификациясини ишлаб чиқариш бошланган.

Matiz кичик ҳажмли автомобиллар синфига мансуб бўлиб, ушбу турдаги автомобилларга бўлган талаб Spark автомобилларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига қопланади.