Ўзбекистон автомобиль саноати монополизацияни тугатиш йўлидан бормоқда, деди «Ўзавтосаноат» компанияси бошқарув раиси Умиджон Салимов пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Авваллари миллий ишлаб чиқарувчи Chevrolet бренди билан чекланган бўлса, ҳозирда «мультибрендинг биз учун устувор вазифалардан бири», деди у. Компания раҳбари ҳозирда Европа ишлаб чиқарувчилари, жумладан Volkswagen, шунингдек Хитой ва Жанубий Корея компаниялари билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Умиджон Салимов «Ўзавтосаноат» ҳукумат қарори билан Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводи акцияларини сотиб олмоқда. «Ҳозирда General Motors компанияси акциялари 10 фоизни ташкил этмоқда… Биз акцияларни тўлиқ сотиб олиш жадвали асосида давом эттираяпмиз».

Мазкур жараён якунига етганидан сўнг завод номини ўзгартирамиз. «Бу бошқа ном бўлади. Биз ҳозир ушбу заводга қандай ном берилиши ҳақида ўйлаяпмиз», — деди у.

Параллел равишда Тошкентдаги GM Powertrain Uzbekistan мотор заводи бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирда ушбу заводнинг 70 фоиз акциялари GM компаниясига тегишли. Келгусида корхонадан бошқа моторларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Автосаноатни монополизациядан чиқариш вазифаси давлат раҳбари томонидан юклатилган. «Ўзбекистонда нафақат GM, балки бошқа автоишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилсин», — дея таъкидлади «Ўзавтосаноат» раҳбари.

GM техник ҳамкорлик шароитида Ўзбекистонда қолади. Келишувларга кўра «Ўзавтосаноат» General Motors моделларини ишлаб чиқаришда давом этиши мумкин.

Умиджон Салимов коррупцияга қарши курашиш компаниянинг устувор вазифаларидан этиб белгиланганини қайд этиб ўтди. «Савдода, дилерлик марказларида нималар бўлаётганини кўриб турибсиз. Сотиш тизимини ўзгартириш — саккиз асосий банддан иборат бўлган сиёсатимизнинг яна бир устувор мақсадларидан. Умид қиламизки, яқин ярим йил-саккиз ойда биз ушбу бандларни тўлиқ жорий этамиз».

Жорий йил январь-апрель ойларида GM Uzbekistan 53219 дона автомобиль ишлаб чиқарди. Уларнинг 4526 таси ёки 8,7 фоизи экспорт қилинди.