Жорий йилда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани натижасида сув танқислиги вужудга келгани муносабати билан жорий йилда шоли майдонлари 162 минг гектардан 94 минг гектаргача қисқартирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

У сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун беришни топширди.

Сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистонда такрорий экинлар майдони мос равишда 30, 42, 20, 14 ва 10 инг гектарга қисқартирилади.

Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа озуқабоп экинлар экиш, уларни сув манбаларига яқин ер майдонларига жойлаштириш кераклигига эътибор қаратилди.

Бу йил баҳор ойларининг салқин ва қуруқ келиши пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани, натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ғўза ривожланиши анча орқада қолаётгани, бу эса унинг парваришига жиддий эътибор қаратишни тақозо этиши ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.

Шунингдек, бу йил пахта етиштиришни молиялаштириш бўйича мутлақо янги тизим яратиш, агротехник тадбирларни вақтида ва сифатли амалга ошириш учун техник воситалар тайёрлигини ҳамда уларни мунтазам равишда дизель ёқилғиси билан таъминлаш ишларини ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик, идора ва ҳудудлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Йиғилишда мамлакатда 1 июндан 1 июлгача «Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги» эълон қилиниши бўйича келишиб олинди. Катта меҳнат ва харажат билан етиштирилган ҳосилни тўла сақлаб қолиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчилари қишлоқ хўжалиги ходимлари ва мутасаддиларининг сувчи ва механизаторлар, аграр соҳа олим-агрономлари билан биргаликда барча бўғиндаги депутатларнинг ҳам сафарбарлиги ва масъулиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратилди.

Кун тартибидаги яна бир муҳим масала — жорий йилда етиштириладиган ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмасдан, қисқа муддатда йиғиштириб олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

Мамлакат бўйича бу йилги ғалла ўрим-йиғим мавсумида қатнашадиган мавжуд 3 минг 106 та юқори унумли ғалла ўриш комбайнларини сифатли таъмирлаш ва мавсумга вақтида тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Бундан ташқари, 400 та янги ғалла ўриш комбайни ҳам жойларга етказилмоқда. Бу эса ўрим-йиғим ишларини ҳар йилгига нисбатан бир ҳафта олдин якунлаш имконини беради.