29 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда жорий йилнинг 25 майига қадар 4 миллиард 576 миллион доллар ҳажмида экспорт амалга оширилгани маълум қилинди. Шу ойнинг охиригача белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилиши кутилмоқда. 2017 йилнинг 5 ойига солиштирилса, экспорт ҳажми қарийб 21 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда 5 миллиард 886 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, прогноз кўрсаткичлари 100,9 фоизга бажарилиши ва 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 25 фоиз ўсишга эришиш мўлжалланмоқда.

Селектор йиғилишида мамлакатда импортни оптималлаштириш ишлари мутлақо қониқарсиз аҳволда экани қайд этилди. Жорий йилнинг 4 ойи мобайнида мамлакат бўйича товарлар импорти 4 миллиард 858 миллион долларни ташкил этиб, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 1 миллиард 111 миллион долларга ёки 30 фоизга ошган.

Президент уч кун муддат ичида импортни қисқартириш бўйича ҳужжат тайёрлашга топшириқ берди. «Бугунги кунгача ҳеч ким бу билан шуғулланмади, ким нима хоҳласа шуни қилди. Биз Ўзбекистонда импортни қисқартиришимиз керак», — деди у.

Шавкат Мирзиёев вилоятлар ҳокимларига божхона хизматлари билан фаолиятларини мувофиқлаштиришни топширди. «Михдан тортиб қаламгача нима импорт қилинаётганини билиш учун. Уларни ўзимизда ишлаб чиқариш учун», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, мажлисда ҳудудларда бюджетга қўшимча даромадларни жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ҳам танқидий таҳлил асосида кўриб чиқилди. Бу борада жорий йилнинг шу даври учун белгиланган режалар айрим ҳудудларда бажарилмасдан қолаётгани танқид қилинди. Натижада шу ҳудудларда солиқ қарздорлиги ошиб бормоқда.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, секторлар раҳбарлари ҳанузгача бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва жалб қилишдан кўзланган мақсадни чуқур тушуниб етмаётгани танқид остига олинди. Бу борада молия ташкилотлари томонидан қўшимча даромад манбаларини аниқлаш бўйича ўрганишлар ўтказилмаётгани, фаолият кўрсатмаётган юридик шахслар фаолиятини қайта тиклаш ўрнига фақатгина ташкилотни текшириб, унинг фаолиятини тугатиш билан чекланаётгани асосий сабаблар сифатида қайд этилди. Ҳар бир тармоқ ва ҳудудда ижро интизомини мустаҳкамлаш, раҳбарларнинг масъулияти ва фаолият самарадорлигини ошириш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидланди.