Тошкент ИИББ йўл-патруль хизмати инспекторлари учун тақиб юрилувчи видеокамераларни синовдан ўтказишни бошлади.

ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, ушбу видеокамера ходимнинг кунлик иш фаолияти, ҳайдовчилар билан ўзаро мулоқотини узлуксиз ёзиб боради. Камералар ягона бошқарув тизимига уланган бўлиб, марказий аппарат томонидан бошқарилади.

«ЙПХ ходимининг камера ёзувини тўхтатиб қўя олмаслиги, қайд этилган тасвирни ўчира олмаслиги тизимда коррупциянинг олдини олишга, вазиятларни ҳаққоний ўрганиш ва адолатли чора-тадбирлар кўришга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Бир ойдан камроқ муддат давом этадиган синов ишлари натижалари бўйича тақиб юрилувчи камералардан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятида фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, йўл-патруль ва патруль-пост хизматларининг барча ходимларини бодикамералар билан таъминлаш зарурлиги ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарига мурожаатида тўхталиб ўтган эди.