Азиз Мухторович Эшбеков Бош прокуратура тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, дея хабар қилди маҳкама матбуот хизмати.

Азиз Эшбеков (1982 й. т.) Тошкент Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган (2003). Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Президенти девони Қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳида бошлаб, Жиззах ва Тошкент вилояти прокуратураси органларида терговчи, прокурор ёрдамчиси ва бўлим катта прокурори, Бош прокуратура ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси прокурори, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича хизмати инспектори, Бош прокуратура соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори лавозимларида ишлаган.

Тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси президентнинг 15 февралдаги фармони билан ташкил этилган. Унинг зиммасига тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар олдида турган ва бизнес фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш вазифаси юклатилган.

1 май ҳолатига кўра, Бош прокуратура томонидан 6950 тадбиркор фаолиятидаги муаммолар ўрганилиб, уларнинг 1340 нафарига кредитлар тақдим этиш, 531 нафарига ер участкалари ажратиш, 77 нафарига бинолар ажратиш, 743 нафарига муҳандислик тармоқларига уланиш, 318 нафарига рухсатнома ва лицензиялар олишга ва 3941 тадбиркорлик субъектига бошқа масалалар бўйича зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.