Ўзбекистон Марказий банки май ойида танланган товар ва хизматлар гуруҳи бўйича ўртача нархлар 0,6 фоизга пасайганини хабар қилди.

Бунда озиқ-овқат товарлари 1,1 фоиз ва ноозиқ-овқат товарлари 0,9 фоизга арзонлашган бўлса, хизматлар 1фоизга қимматлашди.

Нархларнинг ўзгариши асосан миллий валюта қадрининг ошиши, ташқи савдо шароитларининг ва рақобат муҳитининг яхшиланиши, истеъмол бозорига сабзавотлар янги ҳосилининг кириб келиши каби омиллар таъсирида шаклланди. Шунингдек, аҳоли ва корхоналарнинг инфляцион кутилмаларининг пасайиши ҳам нархлар тушишига таъсир этувчи омилларидан бўлди.

Кузатиш даврида озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ўртача нархларида пасайиш кузатилган бўлсада, алоҳида маҳсулот нархлари ўзгариши турли хил йўналиш касб этди. Хусусан, помидор, бодринг ва картошка янги ҳосилининг бозорларга кўп миқдорда кириб келиши, ушбу сабзавотлар нархларининг мос равишда 63,8, 30,2 ва 27,6 фоизга арзонлашишига сабаб бўлди. Шунингдек, сариёғ нархи 2,4 фоизга ва парранда гўшти нархи 1,3 фоизга пасайди.

Шу билан бирга, мазкур даврда республика бўйича гуручнинг ўртача нархи 16,7 фоизга ўсди. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, гуручнинг нархи ошишига таъсир кўрсатган асосий омиллар сифатида республикада ўтган йилга нисбатан об-ҳавонинг қуруқ келиши ва суғориш учун сув захиралари етишмовчилиги вужудга келишининг кутилиши, гуруч етиштирувчилар томонидан ушбу маҳсулот жорий таклифини камайтириб, келгуси давр учун захира қилишини кўрсатмоқда.
Бунда, гуруч импорти ҳажмларини ошириш ҳамда унинг ички бозордаги таклифини етарли даражада бўлишини таъминлаш ушбу маҳсулот нархини барқарорлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мазкур даврда гўшт маҳсулотлари нархининг ўртача суръатда ўсиши давом этди. Жумладан, мол ва қўй гўшти нархлари мос равишда 5,0 ва 3,7 фоизга ошди. Ушбу соҳа мутахассислари ва фермерлар билан ўтказилган сўровлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, гўшт нархининг ошишига асосий сабаб сифатида биржа нархларининг ўзгармасдан турганлигига қарамасдан, ем маҳсулотлари чакана нархларнинг ошиб бораётганлиги ҳамда қиш-баҳор мавсумида ёғингарчилик кам бўлганлиги сабабли яйловларда чорва моллари учун ўт камлиги кўрсатилган.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари, хусусан маиший техника ва шахсий гигиена товарлари нархлари республикада айниқса чегара ҳудудларида ташқи савдо ҳажмларининг ошиши, истеъмол бозорининг ушбу сегментида рақобат муҳитининг яхшиланиши ҳамда миллий валюта қадрининг ошиши каби омиллар таъсирида шаклланди.

Ушбу товарлар гуруҳлари таркибида телевизорлар 8,0 фоизга, чангютгичлар 4,4 фоизга, совутгич ва электр чойнаклар 1,8 фоизга, атир совун 3,5 фоизга ва шампунь 1,9 фоизга арзонлашди.

Апрель ойидаги табиий газ тарифлари ошиши автотранспортда юк вайўловчи ташиш хизматлари нархларига ўз таъсирини кўрсатди. Шаҳар ичидаги автобусда йўл кира ҳақи, айрим ҳудудларда тўловларнинг сезиларли ошиши ҳисобига 13,7 фоизга, автомобилда юк ташиш хизмати эса 1,6 фоизга ошди. Шунингдек, тиббий хизматлар нархлари 2,4 фоизга ошиши кузатилди.