Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахслар автомобилларини видеорегистраторлар билан жиҳозлаш ва уларни Тошкент тажрибасини инобатга олган ҳолда қўллашнинг норматив тартибини ўрнатиш бўйича чораларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги 2018−2022 йиллар учун Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Сентябрь ойига қадар жисмоний ва юридик шахслар автомобилларига ўрнатилган видеорегистраторлардан содир этилган қоидабузарликлар ҳақидаги видеоёзувларни оператив тўплашнинг марказлаштирилган тизимини жорий этиш тартиби бўйича ҳукумат ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Электрон тизимга келиб тушадиган видеоёзувлар процессуал жараёнлар амалга оширилиши учун ички ишлар органларига юборилади.

Видеоматериалларни марказий тизимга юборадиган фуқароларни, қоидабузарлик суд орқали тасдиқланса, рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилади. Бунда видеоматериаллар етказувчи фуқароларнинг махфийлиги таъминланади.

Жамоат транспорти ҳамда йўловчи ташувчи транспортда видеорегистраторлар ўрнатилиши мажбурий этиб белгиланади.

Келгуси йил охирига қадар махсус мобил илова ишлаб чиқарилиши ҳам кўзда тутилган бўлиб, фуқаролар у орқали йўл қоидалари бузилиши ҳақидаги ахборотларни жўнатишлари, шунингдек ЙҲҚни бузганлик учун жарималарни тўлаш имконига эга бўлади.

Кейинги йил кузи сўнгигача ЙПХ инспекторлари маълумотларни юбориш ва қайта ишлаш учун мобил воситалар билан таъминланади. Қидирув эълон қилинган шахслар ва транспорт воситаларини таниш, шунингдек фуқаролик мажбуриятларини мажбурий суғурталаш бўйича транспорт воситалари эгаларининг мажбуриятларини бажариши устидан назоратни таъминлаш учун аппарат-дастурий мажмуани жорий этиш режалаштирилмоқда.