Евгений Владимирович Биргер 23 май куни «Ўзбекистон почтаси» миллий почта оператори бош директори лавозимига тайинланди, дея хабар қилди компания сайти.

Евгений Биргер 1960 йил 19 майда Москва вилоятида туғилган. Москва электротехника алоқа институтини тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди. Турли йилларда Россия Алоқа вазирлиги почта алоқаси департаментига раҳбарлик қилган, «Россия Почтаси"ни стратегик ривожлантириш кенгаши аъзоси бўлган.

22 май куни Тошкентдаги #MITCROADMAP2018 конференциясида сўзга чиққан Евгений Биргер «Ўзбекистон почтаси» туб ислоҳотларга муҳтож эканини таъкидлаб, почтанинг ташкилот фаолияти ва фуқаролар ҳаётига чуқур интеграциясини кўзда тутувчи «Почта 2.0» лойиҳасини намойиш қилган эди.

Февралда президент Шавкат Мирзиёев хорижий маслаҳатчиларни жалб қилиб, илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда «Ўзбекистон почтаси"ни ислоҳ қилиш ҳақидаги таклифларни ишлаб чиқишни топширганэди.

2016 йил 19 январдан «Ўзбекистон почтаси"га Шуҳрат Отамуҳамедов бош директор бўлиб ишлаб келаётган эди. 12 май куни у Тошкентнинг Учтепа тумани ҳокими лавозимига тайинланди.