27−31 май кунлари Тошкентда илк бор Ёш етакчилар халқаро конференцияси ўтказилади. Форум Германиянинг Global Bridges e.V. жамоат ташкилоти томонидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг Берлиндаги ва Германиянинг Тошкентдаги элчихоналари кўмагида ташкил этилмоқда.

Global Bridges e.V. сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳаларида фаолият кўрсатаётган 25−35 ёшгача бўлган ёш ва истиқболли лидерлар ўртасида алоқаларни шакллантириш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган форум ва симпозиумлар, анжуманларни ўтказади.

Анъанавий конференциядан кўзланган мақсад — долзарб минтақавий ва халқаро сиёсат мавзулари бўйича юқори малакали ва кучли мотивацияга эга ёшлар ўртасида фикр алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда турли давлатлардан келган иштирокчилар орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Ёш етакчиларнинг XVII конференциясида Германия, Ўзбекистон, Австрия, Аргентина, АҚШ, Буюк Британия, Венгрия, Греция, Нидерландия, Россия, Сербия, Франция, Хитой ва Эстониядан 40 нафарга яқин вакил иштирок этади, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси «Газета.uz"га.