Йил охирига қадар йўл ҳаракати иштирокчиларининг қоидабузарликлар учун жавобгарлигини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим. Бу Ўзбекистон ҳукуматнинг 19 майдаги қарорида кўзда тутилган.

Йўллардаги безорилик, жумладан транспорт воситасини бошқариш маданиятига перманент риоя қилмаслик, йўлда ўзини номуқобил тутишнинг бошқа шакллари — ҳаракатнинг эгаллаб турилган полосасини бу ҳақда бурилиш сигнали билан огоҳлантирмасдан кескин ўзгартирган ҳолда тажовузкорона ҳайдаш, хавф тўғрисида огоҳлантирмасдан баланд товуш сигналидан бунга ҳожат бўлмаса ҳам фойдаланиш кабилар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик, жумладан, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик учун, ДЙҲХХ ходимларининг транспорт воситасини тўхтатиш бўйича қонуний талабларини бажармаганлик учун маъмурий қамоқ тарзидаги жазо қўлланилишини назарда тутган ҳолда маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.

Шунингдек, ЙТҲ содир этилган жойни тарк этганлик учун маъмурий жавобгарликни ва хавф остида қолдирганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш, ЙТҲ иштирокчилари бўлган ва ДЙҲХХ рухсатисиз транспорт воситаларини таъмирлаб олган шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Келгуси йилнинг февралигача илғор хорижий тажрибалар ҳисобга олинган ҳолда ҳайдовчилар учун балл тўплаб бориш тизимини жорий этиш бўйича ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш белгиланди. Бунда ҳар йили ҳайдовчилик гувоҳномасига 12 балл ёзиш йўлга қўйилади. Бу баллар қоидабузарлик турига қараб камайиб боради. Яъни, агар ҳайдовчининг қоида бузиши 12 баллга етса, у ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Балл тизимини қўллашда дифференциал ёндашув жорий этилади. Яъни, жарима баллари ЙҲҚнинг қанчалик оғир бузилганлигига қараб белгиланади.

Муайян вақт ичида ЙҲҚни бузмаган ҳайдовчиларни рағбатлантириш механизмлари жорий этилади.

Ёз охирига қадар ЙҲҚни бузган пиёдаларнинг шахсини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқлаш, шунингдек йўловчилар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши тўғрисида электрон баённомаларни расмийлаштириш тартиби жорий этилади.