Ўзбекистон президентининг 22 майдаги фармонлари билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг икки ўринбосари тайинланди, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Абдулазиз Ўролбоевич Оққулов 2017 йил январдан Давлат туризм қўмитаси Туризм саноатини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

2005 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2007 йилда худди шу университет магистратурасини тамомлаган. Мутахассислиги — халқаро туризмни бошқариш. Қўмитада 2006 йилдан буён ишлаб келмоқда.

Фахриддин Умарович Давруков 2015 йилдан «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган.

Тошкент молия институти (1997) ва президент ҳузуридаги Давлат ва жамият бошқаруви академияси (2003) битирувчиси.
1995 йилдан 12 йил давомида Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида, 2008 йилдан Вазирлар Маҳкамасида фаолият кўрсатган.