24 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатга ташриф буюрган Amnesty International халқаро ноҳукумат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Мари Струтерс бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Amnesty International ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Мари Струтерс ва унинг ҳамроҳлари Бош прокуратура, Олий суд, қатор вазирлик ва идораларда, бир қатор нодавлат ва нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлардан олган таассуротлари тўғрисида сўзлаб бердилар.

ТИВдаги учрашувда Ўзбекистон томонининг Amnesty International’дан яширадиган ёки муҳокама кун тартибидан олиб ташланадиган масалалари йўқлиги қайд этилди.

Мамлакат суд тизимида инсонпарварликни ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, радикализмга қарши курашда анъанвий, аксариат ҳолларда репрессив кўриниш олган чоралардан воз кечилмоқда. Кўпроқ эътибор профилактика, иш билан таъминлаш, ижтимоий реабилитация, маърифат ва тарбияга қаратилмоқда.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон эришилган натижада тўхтаб қолмаслик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида аниқ саъй-ҳаракатларини давом эттиришни қатъиян мақсад қилган.