Чироқчи туманидаги ўқиш учун шароитлари бўлмаган ва 37 нафар ўқувчи таҳсил олган мактаб филиали учун янги бино ажратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хабар қилди.

Ҳашар йўли билан қурилган бинонинг бир хонасида тўртта бошланғич синф ўқувчилари бир вақтда таҳсил олгани ҳақида бир қатор ОАВларда хабар қилинган эди. Инспекция вакиллари 14−18 май кунлари Қашқадарё вилояти умумтаълим муассасаларида аттестация ўтказиш жараёнида филиал билан танишди.

Чироқчи тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини Қорабуруғ қишлоғидаги 31-мактаб филиали 2006 йилда ҳашар йўли билан қурилган.

17 майда ўтказилган текширувлар бу ерда болалар учун шароит йўқлиги ва бино хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини кўрсатди.

Худди шу куни туман ҳокими қарори билан Қорабуруғ қишлоғидаги Чироқчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи филиали биносидан мактаб филиали ўқувчилари учун иккита хона ажратилди.