Самарқанддаги руҳий ривожланишда нуқсони бўлган болалар учун 62-сонли мактаб-интернатининг собиқ директори Азамат Умаров педагоглар ва техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун ишдан бўшатилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

ХТВ қошидаги махсус комиссия ижтимоий тармоқлардаги хабарни ўрганиб, текширув ўтказди. Маълум бўлишича, директор ўқитувчиларни ободонлаштириш бўйича режалаштирилмаган ишларга чиқарган.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармасининг собиқ бошлиғи ва вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари 18 май куни мактаб директори лавозимига тайинланганидан кейинги кунлар (шанба ва якшанба) ўқитувчиларни ҳудудни тозалашга олиб чиққан.

Директор ўз ҳаракатлари билан педагог жамоада норозилик уйғотган ва муассада соғлом муҳитни ўрнатолмаган, дейилади хабарда.

Апрелда президент Шавкат Мирзиёев мажбурий меҳнатга оид ҳар бир ҳолат фавқулодда вазият сифатида кўриб чиқилишини топширган эди. Май ойида эса Вазирлар Маҳкамасининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақидаги қарори қабул қилинди.