Mirzo Ulugbek Innovation Center (MUIC) инновацион маркази директори Фарҳод Ибрагимов IT-мутахассисларга олий таълим шартлиги ҳақидаги стереотиплар ортидан чопмасликка чақирди.

Сешанба куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг #MITCROADMAP2018 конференциясида сўзга чиққан Фарҳод Ибрагимов Ўзбекистон ОТМларини ҳар йили 5000 нафарга яқин IT-мутахассис тамомламоқда ва бу етарли эмас. Унинг устига ҳар йили 600 мингдан зиёд ёшлар квоталар чеклангани сабабли ОТМларга кира олмаяпти.

«Биз айнан мазкур мақсадли аудитория билан кўпроқ ишлашни мақсад қилганмиз. Афсуски, бизнинг ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари ҳалигача диплом кераклиги ҳақидаги стереотиплар билан чекланиб қолмоқда. IT-мутахассис бўлиш ва яхшигина пул ишлаш учун олий таълимни олиш шарт эмаслигини билса, уларнинг қанча қисми — ақлли ва иқтидорлилари — режаларини ўзгартирган бўлар эди?» — дея савол берди MUIC раҳбари.

Фарҳод Ибрагимов MUIC резидентларига берилаётган имтиёзлар давлат бюджетига тушумларни камайтираётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, резидент компаниялар кўпроқ ходимларни расман ишга олаётгани сабабли норезидент компанияларга қараганда кўпроқ давлат бюджетига солиқларни тўлашмоқда.

Ҳозирда 319 та компания MUIC резиденти ҳисобланиб, уларда 4500 ходим ишламоқда. 2017 йилда улар 22 млн долларлик хизматларни кўрсатиб, 1,5 млн доллардан зиёд хизмат ва маҳсулотларни экспорт қилди. 2021 йилгача бу кўрсаткични 30 млн доллардан ошириш режалаштирилмоқда.

Фарҳод Ибрагимов MUIC қошидаги янги Блокчейн технологиялар бўйича компетенция маркази фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Мазкур технологиялар давлат хизматлари транспарентлигини ошириш, шахсий маълумотлар хавфсизлиги масаласини ҳал этиш ва давлат хизматларини тақдим этишда коррупция ҳолатларини қисқартиришга имкон туғдиради. Лойиҳа марказ резидентлари томонидан техник жиҳатдан амалга оширилиши кутилмоқда», — дея тушунтирди у.