Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман суди ўқитувчи Диана Еникеевани уриб юборган юк машинаси ҳайдовчиси Акрам Элмуродовга нисбатан аввал чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда суднинг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида хабар қилинди.

Элмуродов ва унинг адвокати томонидан апелляция тартибида келтирган шикояти асосида жиноят иши 22 май куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида судланувчи ва унинг ҳимоячиси тайинланган жазони енгиллаштириб, уни қамоқдан озод қилишни ва моддий ҳамда маънавий зарар ҳажмини камайтиришни сўрашди. Ўз навбатида, прокурор ва жабрланувчи А.Еникеев суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди.

Суд ҳайъати, тарафларнинг фикрларини тинглаб, шикоятдаги важларни жиноят иши материаллари асосида атрофлича ўрганиб чиқиб, судланувчи ва унинг ҳимоячисининг важлари суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли, суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Суд ҳукми 2018 йил 22 май куни қонуний кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди Акрам Элмуродовни (юк машинаси ҳайдовчиси) Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича 6 йил муддатга озодаликдан маҳрум этиш ва 3 йил муддатга транспорт воситаларини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Суд, шунингдек, жабрланувчи томоннинг Акрам Элмуродовдан мос равишда 19,8 млн сўм ва 25 млн сўм миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъвосини қисман қондирди.