Коленко Евгений Вячеславович Ўзбекистон Бош прокуратураси Академияси бошлиғи лавозимига тайинланди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Евгений Коленко (1977 йилда туғилган) Тошкент давлат юридик институти (1999), Бош прокуратура Олий ўқув курсларини (2013) тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1999 йилда Чилонзор тумани прокуратурасида бошлаб, Тошкент шаҳар прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2004 йилдан бошлаб, Бош прокуратура бошқарма алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2008 йилда «Жасорат» медали, 2017 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
2017 йилдан шу вақтгача Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Бош прокурорнинг мазкур буйруғи билан Гафуров Рустам Бахтиярович Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Рустам Гафуров (1983 йилда туғилган) Ўзбекистон миллий университети (2005), Давлат ва жамият қурилиши академияси (2011), Бош прокуратура Олий ўқув курсларини (2017) тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2005 йилда Тошкент тумани прокуратурасида бошлаб, Тошкент вилоят прокуратурасида турли лавозимларда, Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2017 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

2018 йилдан шу вақтгача Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган.