Қорақалпоғистон ахборот агентлиги «Газета.uz"да Мўйноқда ичимлик суви масаласи ёмонлашгани ҳақидаги хабар юзасидан туман ҳокимлиги раҳбарияти, мутасадди органлар ва вакиллардан расмий муносабат билдиришни сўради.

«Мўйноқда ичимлик суви таъминоти ёмонлашди, деган хабар асоссиз, — дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. — Ўтган йили муҳтарам президентимизнинг ташаббуси билан туманимизга тортилган ичимлик суви Мўйноқ тумани маркази ва Учсай ОФЙ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб турибди. Аҳолининг сувни истеъмол қилиш бўйича талаби кунлик 2200 куб метрни ташкил қилмоқда. Бугунги кунда „Қўнғирот-Мўйноқ“ Туямўйин сув қувуридан суткасига 2400 куб метр сув Мўйноқ тумани сув тармоқлари корхонасидаги 4500 куб метр сув сиғимлигига мўлжалланган резервуарга келиб тушмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси санитария-эпидемиология назорат маркази тақдим этган маълумотига кўра, Мўйноқ туман маркази ва Учсай ОФЙ аҳолисининг (жами 14599 киши) ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи белгиланган норматив бўйича кунига 1800 куб метрни ташкил қилади. Тўғри, сув жадвал асосида, ҳозирда аҳолига насосларнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда кунига икки маҳал бериляпти, яъни соат 6:00 дан 10:00 гача ва соат 16:00 дан 21:30 гача. Яқин кунлар ичида қўшимча насослар ўрнатилиши билан доимий равишда сув билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади».

Қорақалпоғистон ахборот агентлигига маълум бўлишича, бугунги кунда «Қўнғирот» сув тарқатиш иншоотида 4 та насос (жами 6 та насос, шундан 2 таси заҳирада) ёрдамида суткасига ўртача 2400 куб метр ичимлик суви 3 атмосфера босимида етказиб берилмоқда. «Қўнғирот» сув тарқатиш иншооти суткасига 7000 куб метргача ичимлик сув етказиб бериш ва босимни 7−8 атмосфера босимигача кўтариш имкониятига эга экан.

Туямўйин-Нукус минтақавий сув ўтказгичидан фойдаланиш бошқармаси маълумотига кўра, «Арал» МФЙда 7 км сув қувурлари янгидан тортилган. Ушбу ҳудуддаги умумий ичимлик сув тармоғи узунлиги 8,5 км бўлиб, қолган 1,5 км тармоғини таъмирлаш ишлари 2019 йилнинг манзилли дастурига киритилиши режалаштирилган.

«Тик-озек» ОФЙни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ичимлик сув тармоқларини қуриш ишлари «Оролбўйи минтақасини ривожлантириш» жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Умумий узунлиги 1,1 км бўлган лойиҳа қиймати 159,5 млн сўмни ташкил қилади. Қурилиш ишлари 2018 йилнинг дастурига киритилган. Пудратчи «Керамика қурилис сервис» МЧЖга ушбу мақсадда 30 фоиз аванс пуллари ўтказиб берилган ва пудратчи томонидан 0,6 км полиэтилен қувурлар ётқизилган. Мазкур дастур 2018 йилнинг 1 июл ҳолатига якунланиши кўзда тутилган.


Ичимлик сув тармоқларини қуриш ишлари давом этмоқда.

«Берилаётган сув тоза ичимлик суви. Бу сувдан томорқа ерни сўғориш учун фойдаланиб, исроф қилиш мумкин эмас, — дейди Мўйноқ тумани сув тармоқлари корхонаси инженери Полат Қарабасов. — Аҳолига сувни исроф қилмасликни тарғиб қилиб келмоқдамиз. Сув исрофгарчилигининг олдини олиш мақсадида 500 дона сув ҳисоблагич ускуналарини олиб келиб хонадонларга ўрнатиш ишларини олиб бормоқдамиз».

«Энди сув қувурларида юз бераётган авария ҳолатига келсак, — дея қўшимча қилади Полат Қарабасов. — 101 километрлик Қўнғирот-Мўйноқ оралиғига ётқизилган сув қувурларидаги стык (қувурларнинг бириктирилган жойи)лардан сув кетиш ҳолатлари бўлган. Лекин, бу ҳолатлар ўз вақтида бартараф қилиниб турди».

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, Мӯйноқ МФЙ йиғини раиси Абдижаббар Тлеӯовнинг таъкидлашича, туман аҳолисининг тоза ичимлик сувига бӯлган талаби қаноатлантирилиб келинган. Агар фуқаролардан мурожаатлар келиб тушса шу заҳоти ӯрганиб чиқиб, туман ҳокимлигига етказилмоқда ва ўз вақтида зарур чоралар кўрилиши таъминланмоқда.

«Мўйноқ халқи сувнинг қадрини бошқа ҳудуд аҳолисига қараганда жуда яхши билади, — дейди нуроний Жанабай Жусипов. - Авваллари аҳоли Амударёдан ёки артезиан қудуқларидан сув олиб истеъмол қилиб келди. Ёз бошлангандан ҳар хил касалликлар кўпаяр эди. Президентимизга минг рахмат, ўтган йили асрлик арзуимиз бўлган тоза ичимлик сувига эга бўлдик».

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжанованинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига юборган депутатлик сўровига эса ўрнатилган тартибда жавоб берилади.

Ўтган йили июнь ойида қиймати 26,6 млрд сўм бўлган 101 километрлик Қўнғирот-Мўйноқ сув қувури ишга туширилган эди. Қўнғирот-Мўйноқ сув қувури тармоғини ётқизиш ташаббусини президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг январида Қорақалпоғистонга уюштирган сафари вақтида илгари сурган.