Бекобод прокуратураси (Тошкент вилояти) биринчи синф ўқувчилари пешонасига чизилган «икки"лар бўйича тергов олди текшируви натижаларини эълон қилди.

Маълум бўлишича, 3 май куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси М.Ҳамдамова шу даргоҳда таҳсил олаётган 1-«ж» синфининг тўрт нафар ўқувчисини уй вазифасини тайёрлаб келмаганликда айблаб, жазо сифатида синфдаги барча ўқувчиларнинг кўз ўнгида «икки» баҳони ручкада уларнинг пешонасига ёзиб қўйган.

Ушбу воқеадан хабар топган мазкур мактабнинг яна бир ўқитувчиси С.Рахмонова касбдоши М.Ҳамдамовага нисбатан бўлган эски адовати сабабли эртаси куни ўша ўқувчиларни ўз ҳузурига чақириб, ғаразли ниятда уларнинг пешоналарига «икки» рақамини қайтадан ёзиб, шу кўринишларида уларни уяли телефон ёрдамида суратга олган. Олинган суратни эса интернетдаги тармоқларга касбдоши М.Ҳамдамова номидан жойлаштирган. Ҳодиса сабабли ҳар икки ўқитувчи ҳам ишдан бўшатилган.

Ўтказилган текширув ишлари натижасида шунингдек, мактаб учун давлат томонидан ажратилган 21 млн. сўм миқдоридаги пул маблағи мазкур таълим масканининг раҳбарлари томонидан талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатди, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.