Ўзбекистонда жорий йил тўрт ойи давомида вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 6,5 фоизга камайди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

2017 йил январь-апрель ойларида 163 ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида ушбу рақам 153 тагача камайган.

Вояга етмаганлар содир этган жиноятлар сони 35,9 фоизга (373 тадан 239 тагача), жиноятларда вояга етмаганларнинг иштирокчи бўлиш ҳолатлари 37,9 фоизга (466 тадан 289 тагача) камайган.

107 та ҳолатда эрта турмуш қуришнинг олди олинди, 3 та эрта турмуш қуриш ҳолати аниқланиб, 7 нафар айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.