17 май куни «Водители Ташкента» Facebook-гуруҳи фойдаланувчиларидан бири пойтахтдаги пиёдалар ўтиш йўлларидан бирида ҳайдовчилар томонидан оммавий тарзда Йўл ҳаракати қоидаларини инкор қилингани тасвирланган видеолавҳани жойлаштирди.

Видеорегистратор ёзиб олган видеода Байналминал кўчасида бошқарилмайдиган пиёдалар ўтиш йўлаги олдида кекса ёшдаги эркак кишини ўтказиб юбориш учун тўхтагани яққол кўзга ташланади. Бироқ қолган 15 та автомобиль тўхтаб турган машинага эътибор қилмасдан, қўшни ҳаракатланиш чизиғидан ўтиб кетади.

Ҳайдовчи пиёдани ўтказиб юбориш кераклиги ҳақида огоҳлантириш учун авария чироғини ёқиб, автомобилни қўшни чизиққа ўтади. Машиналар эса қарама-қарши йўналишга чиқиб бўлса-да ҳаракатни давом эттираверади.

Видеони YouTube орқали кўриш

Видеони тармоққа жойлаштирган Антон Кудрявцевнинг «Газета.uz"га маълум қилишича, у роликни Тошкент ИИББ ЙҲХБга юборган. ЙҲХБ бизга ушбу ҳолат бўйича айбдорлар жазоланишига ваъда берди.

«Агар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтаса, қўшни бўлакларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёда (лар) йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин» (Ўзбекистон ЙҲҚ).