Самарқандда жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилди. Бу ҳақда «Газета.uz"га TezCard дастурчи-компанияси хабар қилди.

Йўл кира TezCard пластик карточкалари орқали тўланади. Бунинг учун картани мобил терминалга (валидатор) қўйиш керак. Сониялар ичида терминал билан ахборот алмашинув содир бўлиб, карта ҳисобидан маблағ ечиб олинади. Тўловдан сўнг терминалда операцияни тасдиқловчи чек чоп этилади, уни тушишгача сақлаш лозим.

Самарқанддаги бир қанча йўналишларда синовдан ўтказилган тизим унинг транспорт компаниялари учун ҳам фойдали эканини кўрсатди — ҳайдовчи ёки чиптачиларнинг вақти тежалиб, тушум ортади, транспортдан фойдаланиш бўйича статистика ва таҳлил учун маълумотлар тўплаш имконияти ҳам пайдо бўлди.

Бугунги кунда 35 та йўналиш қамраб олинди, улар сони ҳар куни ортиб бормоқда, дея маълум қилди дастурчилар.

TezCard йўналишлар рўйхатини кенгайтириш билан бирга, карталарни сотиш ва улар ҳисобини тўлдириш жойлари сонини ҳам оширишни режалаштирмоқда. Ҳозирда Самарқандда 10 дан ортиқ шохобча ишламоқда. Яқин вақтларда тўлов тизимлари орқали карталар ҳисобини тўлдириш имконияти ҳам пайдо бўлади.