Марғилон шаҳридаги (Фарғона вилояти) 1-сонли Меҳрибонлик уйи раҳбарияти ва ходимлари давлат ва халқаро ташкилотлар ажратган пулларни талон-тарож қилишда айбланиб, тарбияланувчиларга нисбатан жинсий ва жисмоний зўравонликка қўл урганликда гумон қилинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судидан «Газета.uz"га маълум қилинишича, айни пайтда 18 апрелда бошланган суд жараёни давом этмоқда.

Собиқ директор К. Якубов ва муассасанинг тўққиз нафар ходими Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбланмоқда.
Жумладан, директор К.Якубовга нисбатан Жиноят Кодекси (ЖК)нинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 115-моддаси (вояга етмаган шахснинг ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш), 127-моддаси (вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш) бўйича айб эълон қилинган.

ЎзА хабарига кўра, директор ўринбосари С.Усмонов, бош ҳисобчи А. Мўйдинова, ҳисобчи А.Саидкамалова, фельдшер И.Йўлдошев, тарбиячилар Х.Якубова, Р.Абдуфаттоев, Н.Солиева, энагалар Д. Жўрабоева, Х.Тўраевага нисбатан ҳам Жиноят Кодексининг турли моддалари билан айб эълон қилинган.

К. Якубов, С. Усмонов, И. Йўлдошев, Р. Абдуфаттоевларга нисбатан «қамоқ», Х.Якубова, Н.Солиева, Д.Жўрабоева, Х.Тўраеваларга «уй қамоғи», А. Мўйдинова, А. Саидкамаловаларга «гаров» эҳтиёт чоралари қўлланган.